25 январь куни Ашхободда бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ўзбек-туркман қўшма комиссиясининг 13-мажлисида Ўзбекистон ва Туркманистон ҳамкорлигини жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон делегациясига бош вазирнинг биринчи ўринбосари, «Ўзбекистон темир йўллари» бошқарув раиси Очилбой Раматов бошчилик қилди, дея хабар берди Туркманистон Давлат ахборот агентлиги.

Икки томонлама ҳамкорликнинг стратегик йўналишлари, жумладан, ёқилғи-энергетика ва транспорт сектори мажлис диққат марказида бўлди. Бундан ташқари, маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди. Томонлар илмий-таълимий алоқаларни кучайтириш, спорт ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича мулоҳазаларини ўртага ташлади.

Очилбой Раматов Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан қабул қилинди. Учрашувда икки мамлакатнинг ёқилғи-энергетика ва транспорт-коммуникация соҳалари, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, товар айрибошлашни ошириш имкониятлари бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Туркманистон минтақадаги умумий муаммолар, жумладан, сув ресурсларидан рационал фойдаланиш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга муҳим аҳамият қаратишини таъкидлаб ўтди.