Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Афғонистон Президенти ва бошқа расмий шахслар билан учрашди. БУ ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Президент Муҳаммад Ашраф Ғани қабулида икки томонлама ҳамкорликни турли йўналишларда ривожлантириш, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари муҳокама этилди.

Ўзбекистон ва Афғонистон раҳбарларининг сиёсий иродаси шарофати билан икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг буткул янги суръат ва хусусият касб этгани таъкидланди. Бу сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг жадаллашганида яққол кўзга ташланмоқда.

Абдулазиз Камилов Муҳаммад Ашраф Ғанига Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиши ҳақидаги таклифномани топширди.

Ташриф доирасида қисқа муддат ичида ташқи савдо айланмаси кўрсаткичларини 1,5 млрд АҚШ долларига етказиш имконини берадиган икки томонлама савдо-иқтисодий «Йўл харитаси» имзоланди. 2016 йил январь-октябрь ойларида бу кўрсаткич 429 млн долларни ташкил этган эди.

Бундан ташқари, қўшма темир йўл ва автомобиль йўли лойиҳаларида Ўзбекистон томони иштирокини кўзда тутадиган Транспорт инфратузилмаси соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадлари тўғрисидаги Протокол; Хавфсизлик масалалари бўйича Қўшма комиссия тузиш мақсадлари тўғрисидаги протокол; Ўзаро англашув тўғрисида вазирликлараро меморандум; Наркотик воситалар, психотерапик моддалар ва уларнинг прескурсорларини ноқунуний айланишига қарши курашда ҳамкорлик тўғрисида ички ишлар вазирликлари ўртасида Битим имзоланди.

Ўзбекистон ва Афғонистон бизнес тузилмалари вакиллари томонидан дори воситалари ва тиббий жиҳозлар, «тез ёрдам» автомобиллари, буғдой, электрмаиший техникаси етказиб бериш бўйича умумий қиймати 49,3 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлган ўзаро манфаатли шартномалар имзоланди.

Шунингдек, «Ўзсаноатэкспорт» АЖ савдо уйининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Савдо уйи биносида Ўзбекистон тадбиркорлари маҳсулотларининг доимий фаолият юритадиган «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» кўргазмасини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон делегацияси Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Президентнинг махсус вакили Муҳаммад Шокир Коргар ва ташқи ишлар вазири Салоҳиддин Раббоний билан ҳам учрашувлар ўтказди.