9 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Афғонистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ҳекмат Халил Карзай бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари ҳамда бўлажак учрашувлар жадвали муҳокама қилинди.

Шу куннинг ўзида Тошкент шаҳрида вазирлар ўринбосарлари даражасида Ўзбекистон-Афғонистон вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг биринчи раунди бўлиб ўтди. Сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари ҳамда халқаро ташкилотлар доирасидаги муносабатлар кўриб чиқилди.

Маслаҳатлашувлар давомида ҳурмат, ўзаро манфаатдорлик ва қизиқишларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган Ўзбекистон-Афғонистон ҳамкорлигини сифат жиҳатдан янги даражага кўтаришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги қайд этилди.

Шунингдек халқаро ва минтақавий долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди.