Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 12 декабрдаги қарори билан Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланди. Унда туманнинг архитектуравий қиёфасини ўзгартириш ва ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш кўзда тутилган.

Дастурга мувофиқ, Муҳаммад Юсуф кўчаси бўйлаб мавжуд икки қаватли уйларни бузиш ҳисобига ер ости авто тураргоҳи ҳамда ижтимоий ва савдо объектлари бўлган 30 та кўп қаватли уй қурилади. Лойиҳанинг якуний қиймати — 250 млрд сўм. Ушбу кўча бўйлаб қиймати 5 млрд доллар бўлган етти қаватли уй ҳам барпо этилади. 2017 йилда Паркент кўчасида 20 та кўп қаватли уй қурилади, лойиҳа 160 млрд сўмга баҳоланган.

Асака, Мустақиллик, Оққўрғон кўчалари, Мирзо Улуғбек шоҳ кўчаси, Ц-1 ва «Феруза» мавзелари, Қаландар ва Сайрам, Ғуломов ва Бородинский, Шаҳрисабз ва Мустақиллик, Лашкарбеги ва Риёзий кўчалари кесишмаларида — жами 17 га яқин лойиҳа бўйича турар-жой бинолари барпо этилиши кутилмоқда.

Қарорга мувофиқ, 20 дан зиёдроқ лойиҳа бўйича маъмурий ва тижорий кўчмас мулк объектлари қурилиши режалаштирилган.

Буюк ипак йўли ва Гулсанам кўчалари кесишмасида келгуси йилда қиймати 9 млрд сўм бўлган «Наврўз деҳқон бозори» бозори қурилади.

Туман аҳолиси учун янги сайр зонаси барпо этилади. 2018 йилга қадар Салар анҳори ёқаси ободонлаштирилиб, хиёбон барпо этилади. Мазкур мақсад учун 5 млрд сўмлик банк кредитлари ажратилади.

Олти маҳалла уч йил давомида янги гузарга (маданият маркази) эга бўлади, 17 та гузар реконструкция қилинади, 13 таси капитал таъмирланади. Мазкур лойиҳалар учун 4 млрд сўмдан кўпроқ маблағ йўналтирилади.

Туман аҳамиятига эга қарийб 100 та кўча 5,3 млрд сўмга, ички мавзе йўлларининг 52 та участкаси 5,8 млрд сўмга таъмирланади. Тумандаги барча кўчаларга 12,1 мингта янги энергия тежовчи чироқлар ўрнатилади.

Бундан ташқари, хомийларнинг 5 млрд сўмдан зиёдроқ маблағлари ҳисобидан «Олтинтепа» масжиди реконструкция қилинади.