Ўзбекистонда 10 ноябрдан 10 январгача йўл ҳаракати хавфсизлиги кунлари ўтказилмоқда. Ушбу тадбирнинг биринчи ойи давомида 1000 дан зиёд йўл белгилари ўрнатилиб, эскирган 1400 га яқини алмаштирилди, деб хабар берди ЎзА.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотига кўра, болалар кўп ҳаракатланадиган 3000 км дан ортиқ пиёдалар йўлакчалари ва йўллар текширилди.

Мамлакатнинг барча ҳудудларида 1000 дан зиёд махсус гуруҳлар ташкил этилиб, улар томонидан 4000 дан ортиқ рейдлар ўтказилди.

53,6 мингдан ортиқ автомобиллар техник кўрикдан ўтказилиб, натижада 861 та техник носозлик аниқланди.

Хабар қилинишича, ички ишлар органлари ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари маҳаллалар, ўқув муассасалари, корхона ва ташкилотларда учрашувлар ўтказмоқда.

«Олиб борилган тадбирлар натижасида ЙТҲ ва йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида жароҳат олган кишилар сони сезиларли даражада қисқарди», — дейилади хабарда аниқ рақамлар келтирилмаган ҳолда.