15 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди, дея хабар қилди ЎзА.

Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоев ва қардош Қозоғистон халқини тарихий сана — Қозоғистон давлат мустақиллигининг 25 йиллиги билан самимий табриклади.

Ўз навбатида Қозоғистон Ўзбекистон раҳбарини Ўзбекистон Президенти лавозимига киришгани билан муборакбод этди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон -Қозоғистон ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, томонларни қизиқтирган қатор минтақавий ва халқаро долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Давлат раҳбарлари ўзаро ҳамкорликнинг барча соҳалари бўйича амалий, ишончли ва очиқ мулоқотни давом эттиришга қатъий ишонч билдирдилар.

Нурсултон Назарбоев Шавкат Мирзиёевни ўзига қулай вақтда Қозоғистонга давлат ташрифи билан келишни таклиф этди.

Таклиф мамнуният билан қабул қилинди. Суҳбат анъанавий дўстлик, ҳамфикрлик, ўзаро ҳурмат ва самимият руҳида ўтди.