Қозоғистон Республикасининг турли соҳаларда фаолият олиб бораётган вакилларидан иборат делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди, дея хабар қилди ЎзА.

Тошкент вилоятининг «Ғишткўприк» божхона постида делегация аъзоларини Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Аҳмедов, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов ва бошқалар кутиб олди.

Делегация аъзолари дастлаб пойтахтдаги Ҳазрати Имом жомеъ масжиди билан танишди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари меҳмонларга мажмуанинг тарихи, бу ерда амалга оширилган кенг кўламли тиклаш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, мажмуада жойлашган тарихий обидалар ҳақида маълумот берди.

Шундан сўнг меҳмонлар Тошкент ислом университетида бўлиб, ОТМ иш фаолияти билан танишди ва шу атрофда жойлашган Юнусхон мажмуаси, Қалдирғоч бий ҳамда Шайхонтоҳур мақбаралари тўғрисида маълумотларга эга бўлишди.

Ўзбекистонга ташриф Президент сайлови кунига тўғри келгани учун Қозоғистон делегацияси Тошкентдаги 307-, 514-, 687-сайлов участкаларида овоз бериш жараёнини кузатиш имкониятига эга бўлди.

Делегация аъзолари XIV асрнинг 80-йилларида Амир Темур ташаббуси билан бунёд этилган, кейинчалик Мирзо Улуғбек томонидан қурилиши якунига етказилган Зангиота мажмуасини зиёрат қилди. Меҳмонлар Зангиота туманидаги «Обод турмуш» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, ҳудудда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, жумладан, қишлоқ аҳли учун намунавий лойиҳалар асосида қад ростлаган замонавий уй-жойлар билан танишди.

Ташриф доирасида Ёшлар ижод саройида миллатлараро дўстликни тарғиб этувчи расмлар кўргазмаси ва концерт дастури ташкил этилди.