23 ноябрь куни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан президентликка номзод Сарвар Отамуратов Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашди, дея хабар қилди партия матбуот хизмати.

Сарвар Отамуратов сайловолди дастурида «Баркамол авлод — миллат таянчи» шиори остида истиқлолнинг янги авлодини тарбиялашни янада кучайтириш вазифаси белгиланганлигини таъкидлади.

Номзод бугун Жиззах вилоятида фаолият олиб бораётган Жиззах давлат педагогика институти, Жиззах политехника институти ҳамда Ўрта Осиёда ягона Жиззах авиация олий ҳарбий билим юрти етук мутахассис кадрлар тайёрлашда муҳим ўрин тутишини айтди. Шунингдек, 75 та касб-ҳунар коллежи, 4 та академик лицей, 543 та умумий таълим мактаби ва 170 та мактабгача таълим муассасаси фаолият юритаётганига эътибор қаратди.

Сарвар Отамуратов томонидан илгари сурилган миллий иқтисодиёт ривожи етук мутахассис-кадрларга боғлиқ эканлигини англаган ҳолда, замонавий билим ва малакага эга инженер-техник, молия-иқтисод, корпоратив бошқарув менежментлари, ахборот технологиялари соҳасида дастурчиларни тайёрлашни тубдан кучайтириш ва мазкур соҳаларда истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш вазифаси муҳим аҳамият касб этади.

Сайловолди дастурда тарихий ва маданий мерос объектларини сақлаш ва асраб-авайлашга қаратилган вазифалар муҳим ўрин эгаллайди. Жиззах вилоятида ҳам маданий манзиллар, тарихий обида ва масканлар ҳамда муқаддас зиёратгоҳлар талайгина. Маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятда жами 372 та маданий мерос объекти рўйхатга олинган бўлиб, шулардан 42 тасини тарихий обида ва муқаддас зиёратгоҳлар, 267 тасини эса археологик манзилгоҳлар, 63 тасини монументал ёдгорликлар ташкил этади.