Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 18 ноябрь куни Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашди, хабар қилди ЎзА.

Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди. Дастурда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида бошланган демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш, халқ учун муносиб турмуш шароити яратишга қаратилган асосий йўналишлар белгилаб берилган.

Давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, ушбу соҳада тажрибадан ўтган бозор механизмлари ва корпоратив бошқарувнинг замонавий принципларини кенг жорий этиш, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш, қонунлар ижросини таъминлаш вазифаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси ривожи учун янада қулай шароитлар яратиш, саноатни технологик янгилаш ва таркибий ўзгартириш, ерларнинг унумдорлигини ошириш ва қишлоқ хўжалигига замонавий агротехнологияларни жорий этиш, маҳаллийлаштириш дастурини кенгайтириш, инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, аҳоли ҳаёт даражасини изчил ошириш, барча давлатлар билан ҳамкорликни ва мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш бўйича муҳим йўналишлар ўз ифодасини топган.