16 ноябрь куни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод Сарвар Отамуратов Сурхондарё вилояти сайловчилари билан учрашди, хабар қилди партия матбуот хизмати.

Сайловчиларни ўз сайловолди дастури билан таништирар экан, номзод учрашув иштирокчилари эътиборини ижтимоий соҳадаги вазифаларга қаратди.

Сарвар Отамуратов бугун жаҳонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидлаб ўтди. Сайёрада аҳоли сони жадал кўпайиб бораётган бир вақтда, айрим давлатларда бу борада ўта танқислик кузатилаётгани ижтимоий ва сиёсий муаммоларни юзага келтирмоқда. Халқаро ташкилотларнинг маълумотларига қараганда, бугун дунёда ҳар саккиз одамдан бири тўйиб овқатланиш имкониятига эга эмас.

Қолаверса, бугунги кунда атроф-муҳит ифлосланиши ҳамон давом этмоқда. Иқлим ўзгаришларининг салбий мислсиз оқибатлари яққол кўзга ташланмоқда. Қурғоқчилик, сув ресурслари тақчиллиги, турли кимёвий моддаларни тинимсиз ишлатиш натижасида ерларнинг табиий ҳолати йўқолаётгани кузатилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, номзод ўз дастурида аҳолининг овқатланиш хилма-хиллигини кенгайтириш, мамлакатда сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва бунда генларни модификация қилиш усулидан фойдаланишни чеклаш каби устувор вазифаларни белгилаган.

Учрашувда номзод дастурнинг бошқа соҳаларига ҳам тўхталиб ўтди. Дастурда хорижий мамлакатлар кутубхона, архив ва музейларида сақланаётган моддий бойликларни Ўзбекистонга қайтариш, оила, мерос, уй-жой даъвоси ва маиший турмуш манбаида туғиладиган низоларни судгача ҳал этиш тизимини ривожлантириш, тарихий шаҳарлар ва очиқ осмон остидаги музейларни қайта таъмирлашга қаратилган йирик лойиҳаларни амалга ошириш, миллий ахборот хавфсизлигини таъминлаш каби бир қатор устувор вазифалар белгиланган.