Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Сарвар Отамуратов 15 ноябрь куни Қашқадарё вилояти сайловчилари билан учрашди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар қилди.

Дастурда белгиланган мақсад-вазифалар ҳақида сўзлар экан, Сарвар Отамуратов уларнинг республикада иқтисодий салоҳияти билан ажралиб турувчи Қашқадарё вилояти ижтимоий-иқтисодий ривожланишида ҳам жуда муҳим эканини таъкидлаб ўтди.

Бугунги кунда мамлакатда қазиб олинаётган газнинг 64 фоизи, нефтнинг 67, газ конденсатининг 87,4 фоизи Қашқадарё вилояти ҳиссасига тўғри келмоқда. Вилоятдаги Шўртан газ-кимё мажмуаси, «Муборакнефтгаз» унитар шўъба корхонаси, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Талимаржон иссиқлик электр станцияси каби замонавий саноат корхоналари, «Ҳисорнефтгаз», «Кўкдумалоқгаз», «Шўртангазмаҳсулот» сингари йирик қўшма корхоналар фаолият кўрсатмоқда.

Сарвар Отамуратов вилоятдаги йирик саноат корхоналарининг экспорт салоҳиятини ошириш масалалари муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасига боғлиқ эканлигини таъкидлади. Дунё бозорига янги йўллар очиш, Ўзбекистонни бошқа давлатлар, минтақалар билан боғлайдиган транспорт коммуникациялари барпо этиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Номзод енгил ва ихчам тўқимачилик корхоналарининг сонини кўпайтириш, уларга маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлайдиган замонавий технологияларни жорий қилишни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Давлат компаниялари ва давлат улуши устунлик қиладиган корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти шаффофлигини таъминлаш орқали уларнинг фаолият самарадорлигини ошириш лозимлигини қайд этди.

Сарвар Отамуратов миллий иқтисодиёт ривожи етук мутахассис-кадрларга боғлиқ эканлигини ҳисобга олган ҳолда замонавий билим ва малакага эга инженер-техник, молия-иқтисод, корпоратив бошқарув менежментлари, ахборот технологиялари соҳасида дастурчиларни тайёрлашни тубдан кучайтириш ва мазкур соҳалардаги истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш тарафдори эканлигини билдирди.