Ўзбекистон касаба уюшмалари ва Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) семинарида пахта кампанияси вақтида ўтказилган болалар меҳнати ва мажбурий ишга жалб қилиш бўйича миллий мониторингнинг дастлабки натижалари маълум қилинди.

Касаба уюшмалари федерацияси матбуот хизматининг «Газета.uz"га хабар қилишича, миллий мониторингни ўтказиш учун 11 та ҳудудий ишчи гуруҳи ташкил этилиб, уларнинг етакчилари ХМТ экспертлари иштирокидаги ўқувларда қатнашди.

Мониторинг гуруҳлари республиканинг барча ҳудудларидаги корхоналар, ташкилот ва муассасалар, фермер хўжаликлари, пахта майдонларига тасодифий тартибда ташриф буюрди. Кузатувлар нафақат болалар меҳнати ва мажбурий ишга жалб қилиш, балки теримчиларга яратилган меҳнат шароитлари, тўлов ва дам олиши масалалари бўйича ҳам олиб борилди. Мониторинг даврида ҳудудий гуруҳлар 6615 нафар респондент билан интервью ўтказди.

Кузатувчилар маълумотига кўра, жорий йилги пахта терими мавсуми бошланишига қадар ҳамда ушбу давр мобайнида мутасадди ташкилотлар томонидан болалар меҳнатидан фойдаланиш ва мажбурий ишга жалб қилиш ҳолатлари содир этилмаган. Тиббиёт ва таълим муассасаларининг узлуксиз ишлаши таъминланди. Транспорт, бозор, савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари, дорихоналар нормал тартибда фаолият кўрсатди.

Таълим муассасалари ўқувчилари вақтини самарали ташкил этиш бўйича ўқишдан ташқари вақтларда тўгарак ва спорт секциялари ташкил этилди. Ўрта таълим муассасаларида давомат 93,8 фоизни ташкил этган.

Пахта теримчилари иссиқ овқат ва тоза ичимлик суви билан таъминланиб, улар учун ёнғин хавфсизлиги ва санитар-гигиеник шароитлар яратилди, моддий ва маънавий рағбатлантирилди, қайд этилди семинарда.

Республиканинг барча туман ва шаҳарларида теримчиларнинг пахта йиғим-терим ишларига эркин тарзда ёлланиши тўғрисидаги 500 дан зиёд баннер ҳамда эълонлар ўрнатилди. Корхона ва ташкилотларда болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги 44,5 минг плакатлар жойлаштирилиб, иш берувчилари ва фермерлар ўртасида меҳнатга мажбурий жалб қилиш ва болалар меҳнатидан фойдаланиш учун маъмурий жавобгарлик тўғридаги 100 минг флаер тарқатилди.