Ўзбекистон келажаги — инновацион иқтисодиётда, маълум қилди «Адолат» социал-демократик партиясидан президентликка номзод Наримон Умаров 8 ноябрь куни Навоий вилояти сайловчилари билан бўлиб ўтган учрашувда.

Наримон Умаров фақат янги технологияларга асосланган иқтисодиётгина давлат қудратини ошириб, халқ фаровонлиги ва жамиятнинг барқарор ривожланишига хизмат қилишига ишонч билдирди.

Нурота тумани ҳокимияти мажлислар залида онлайн видеоконференция тарзида ўтказилган учрашувда туман, шаҳарлардаги учрашув жойларидан жами 2500 нафарга яқин сайловчи иштирок этди.

Номзод махсус комплекс чора-тадбирлар дастурини қабул қилишга доир режаларини маълум қилди. Мазкур ҳужжатда инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, инновация ва инновацион инфратузилмаларнинг ягона ваколатли органини таъсис этиш, Инновация жамғармасини тузиш каби устувор вазифаларни белгилашни мақсад қилинган.

Президентликка номзод Навоий шаҳри республикадаги саноатлашган ҳудуд эканлигига қаратар экан, йирик саноат корхоналарининг шаҳар экологияси ва атроф-муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш юзасидан ўз таклифларини илгари сурди.

У экология соҳасини комплекс ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиб, уни ҳаётга татбиқ этишини маълум қилди. Дастурда, хусусан, табиатнинг саноат корхоналари томонидан ифлосланишини камайтириш, чанг ва заҳарли моддаларни кўп ютувчи дарахтлар сони ва турини ошириш, шаҳарлар ва саноат корхоналари атрофида яшил зоналар барпо этиш орқали атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга қаратилган аниқ механизмлар белгиланишини қайд этди.

Бу борадаги вазифалар шаҳарлар ҳавосининг мусаффолигини таъминлаш ҳамда фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилишда долзарб аҳамият касб этади, таъкидлади номзод.