26 октябрь куни 11:30 ларда Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани Фаробий кўчасидаги қурилиш ишлари олиб борилаётган 393б-сонли бино конструкцияларининг тўсатдан қулаши содир бўлган. Ушбу фавқулодда вазият натижасида 3 киши ҳалок бўлган ва 2 киши турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган, хабар қилди Ўзбекистон ФВВ.

Дастлабки маълумотларга кўра, фавқулодда вазият содир бўлишига қурилиш меъёр-қоидаларининг бузилиши сабаб бўлган.

ФВВ қутқарув бўлинмалари томонидан бино вайроналари остидан 2 киши қутқариб олинган ва ҳалок бўлганларнинг жасади олиб чиқилган.

Қулаш содир бўлган жойда ФВВ, ИИВ ЁХБ ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг куч ва воситалари томонидан вайроналарни тозалаш ишлари олиб борилмоқда.

Фавқулодда вазият ўчоғи Тошкент шаҳар ИИББ куч ва воситалари томонидан ўраб олинган ҳамда олиб борилаётган ишлар хавфсизлиги таъминланган.

Юзага келган ҳолат юзасидан Шайхонтохур тумани ИИБ ва Прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.