21 октябрь куни сайловда иштирок этаётган уч партия вакиллари Марказий сайлов комиссиясига Ўзбекистон Президентлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш учун ҳужжатлар тақдим этди, хабар қилди МСК матбуот хизмати «Газета.uz"га.

"Миллий тикланиш" демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг ваколатли вакиллари Ўзбекистон Президентлигига номзодларини рўйхатга олишни илтимос қилиб тегишли ҳужжатлар тақдим этди. Улар қаторида: сиёсий партия юқори органининг президентликка номзод кўрсатиш тўғрисидаги қарори, сиёсий партия юқори органи мажлисининг президентликка номзод кўрсатиш тўғрисидаги баённомаси, президентликка номзоднинг ўз номзоди овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси ва президентликка кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари илова қилинди.

Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни етти кунлик муддат ичида текшириб чиқади ва уларнинг қонун талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради.

Ҳозирги кунда Марказий сайлов комиссиясида имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш бўйича экспертлар гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, уларнинг таркибида МСК аъзолари, жамоат ташкилотларининг вакиллари, ички ишлар, адлия органларининг мутахассислари фаолият юритмоқда.