«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси Малайзиядан учиб келувчи ўз йўловчиларини Samsung Galaxy Note 7 смартфонини олиб кетиш тақиқлангани тўғрисида огоҳлантирди. Авиаташувчи сайтида хабар қилинишича, тақиқ Малайзия Дававианазорати кўрсатмасига биноан парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилди.

«Чекловлар илгари рўй берган Samsung Galaxy Note 7 маркадаги смартфонларнинг ёниб кетганлиги ҳолатлари муносабати билан киритилган бўлиб, шу сабабли йўловчилар смартфонни қўл юки сифатида олиб кетишлари, багажга топширишлари ёки Малайзиядан учиб кетадиган қатновларда юк сифатида жўнатишлари мумкин эмас», — дейилади хабарда.

Мазкур қурилмани «Ўзбекистон ҳаво йўллари"нинг бошқа йўналишларида олиб кетишга чекловлар жорий этилгани хабар қилинмади.

Бунга қадар «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК йўловчиларга литийли батареяларга эга портатив электрон қурилмаларни фақатгина қўл юки сифатида ҳаво кемаси салонида ёки қўлда олиб кетишни тавсия қилган эди. Бундан ташқари, йўловчилардан ҳаво кемаси салонида бу каби ускуналарни қувватламаслик сўралмоқда.