19 октябрь куни Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси 1000 телефон рақамига 19 мингдан зиёд қўнғироқ келиб тушди, хабар бермоқда ҳукумат раҳбарининг Facebook-саҳифаси.

«Буларнинг барчаси мурожаат юбориш эмас, балки мурожаатларнинг ҳолатини аниқлаштириш билан ҳам боғлиқ», — дейилади хабарда.

Мурожаат қилувчиларга интернетдан фойдаланишга имконият бўлмай қолгандагина телефон орқали, айнан қўнғироқлар камроқ бўладиган вақтда (улар жадвалда акс эттирилган) мурожаат юбориш тавсия этилмоқда.

Мурожаатлар имкони борича pm.gov.uz сайти орқали юборилиши ҳамда ҳолати текширилиши мақсадга мувофиқ.

«Ушбу ҳолатда хизмат сифатини яхшилаш мақсадида операторлар сони доимо орттириб борилаяпти, лекин шу билан биргаликда, айнан қўнғироқ кўп бўладиган вақтларда 1000 телефон рақамида навбат кутиш ҳолатлари кузатилмоқда», — қайд этилади хабарда.