19 октябрь куни Тошкентда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съезди бўлиб ўтди. Унда партия сиёсий кенгаши аъзоси Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини Президентликка тасдиқлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.

ЎзЛиДеП матбуот хизматининг хабар қилишича, съездда Шавкат Мирзиёевнинг кенг миқёсли ислоҳотларни амалга ошириш, мустақил давлатчилик асосларини барпо этиш ва мустаҳкамлашда, бозор тамойилларига асосланган мутлақо янги иқтисодий тизимни шакллантиришда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовга узоқ йиллар елкадош бўлиб ишлаган инсон эканлиги таъкидланди.

Мамлакат тараққиётининг хозирги босқичида ЎзЛиДеПдан Ўзбекистон Президентлигига номзод сифатида мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, ўтган йиллар давомида юртимизда амалга оширилган ривожланиш йўлини янги, юксак босқичга кўтаришга қодир, ислоҳотларнинг туб моҳиятини аниқ биладиган, уларни амалга ошириш жараёнларининг фаол иштирокчиси бўлган, халқ тақдирини ўз тақдири билан чамбарчас боғлаб, доимо эл-юрт ташвиши билан яшайдиган, ташаббускор ва ташкилотчи шахс номзодини илгари суриш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Съезд иштирокчилари чиқишларида Шавкат Мирзиёев ўзининг бутун меҳнат фаолиятини Ватан равнақига бағишлаб келаётган инсон эканлиги, ўзининг амалий фаолияти билан юртдошларимиз орасида ҳақли равишда катта ҳурмат ва обрў-эътибор қозонгангани қайд этилди. Улар ЎзЛиДеП томонидан кўрсатилаётган номзод шу йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтадиган сайловларда халқ томонидан қўллаб-қувватланишига ишонч билдирди.

Съезд иштирокчилари томонидан юртимизда ҳар томонлама ўзини оқлаган ислоҳотларнинг давомийлигини, Ватанимиздаги тинчлик ва осойишталик, халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида фаол иш олиб бориш вакиллик органларида энг кўп депутатлик ўринларига эга бўлган етакчи сиёсий куч сифатида ЎзЛиДеП учун бундан буён ҳам асосий мақсад бўлиб қолиши таъкидланди.