Тошкент, Қорақалпоғистон ва Ўзбекистоннинг 12 вилояти учун аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга қаратилган инфратузилма объектларини ривожлантириш ҳамда энг муҳим ижтимоий масалаларни ҳал этиш бўйича ўрта муддатли дастурлар лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

13 октябрь куни Президент в. б. Шавкат Мирзиёев раислиги остида ўтган Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида бош вазир ўринбосарлари, бир қатор вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарларига юқорида таъкидланган 14 та дастур лойиҳаларини тайёрлашни тугаллаш ва тасдиқлаш учун киритиш вазифаси топширилди.

Дастурлар сув, электр таъминоти, аҳолига транспорт хизматини кўрсатишни яхшилаш, маҳаллий автомобиль йўлларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш, мактабгача таълим муассасалари ва бозорларни модернизациялаш, кам таъминланган ва ёш оилалар учун арзон уй-жойлар қуриш, аҳолини арзон дори воситалари билан таъминлаш, аёллар, болалар ва пенсионерларга тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш каби масалаларни ўз ичига олади.