Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Мухамметкалий Абдулгазиев бошчилигидаги Қирғизистон делегацияси 1 октябрь куни дўстлик ташрифи билан Андижонга келди.

Делегация таркибидан давлат органлари, маданият арбоблари ва ёшлар вакилларидан жами 130 киши ўрин олди. Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати маълумотига кўра, улар орасида Ўш, Боткент ва Жалолобод вилоятлари, ТИВ, санаб ўтилган уч вилоят маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари вакиллари ва спортчилар, Ўш шаҳри мэри Айтмамат Кадирбаев ҳамда бошқалар жой олган.

Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг «Газета.uz"га хабар қилишича, делегация Хўжаобод туманидаги «Дўстлик» чегара постида тантанали равишда қарши олинди.

Бир кунлик ташриф чоғида қирғиз делегацияси кўплаб диққатга сазовор масканлар, таълим ва маданият муассасаларида бўлди. Меҳмонлар Бобур номидаги истироҳат боғи ва Бобур музейи, Андижон давлат университети, «Дўстлик уйи» ва яқиндагина реконструкция қилинган Андижон вокзалига ташриф буюрди.

Садафбек Ҳусанбоев / «Газета.uz».

Садафбек Ҳусанбоев / «Газета.uz».

Садафбек Ҳусанбоев / «Газета.uz».

Андижон қиличбозлик марказида делегация аъзолари ва ўзбекистонлик Олимпиада-2016 медалчилари билан учрашув бўлиб ўтди.

Шундан сўнг Олтинкўл туманидаги намунали лойиҳа асосида барпо этилган қишлоқ турар жой массиви ва Асакадаги General Motors Uzbekistan автомобиль заводига сафар уюштирилди. Ташриф тантанали қабул ва концерт билан якунига етди.

Учрашувларда Ўзбекистоннинг Фарғона ва Наманган вилоятлари вакиллари ҳам иштирок этди.