Ҳабиб Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти Фанлар академияси тизимидан Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тасарруфига ўтказилди. 13 сентябрь куни давлат раҳбари в. б. Шавкат Мирзиёев имзолаган Президент қарорида шу ҳақда сўз боради.

Ҳужжатда қайд этилишича, ушбу қарор ер қаърини геологик ўрганиш соҳасида ўтказилаётган тадқиқотларнинг илмий савияси ва самарадорлигини тубдан ошириш, уларнинг республика минерал-хомашё базасини кенгайтиришга йўналтирилган амалий ишланмалар ҳамда геология-қидирув ишларини амалга оишриш билан ўзаро мустаҳкам алоқасини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.

Ер қобиғи геологик тузилиши ва таркибининг чуқур фундаментал тадқиқотларини олиб бориш, республика ҳудудининг теран ер қаъри тузилишини комплекс ўрганиш ва шу асосда уч ўлчовли геологик-геофизик моделларни тузиш институт фаолиятининг асосий вазифаларидан этиб белгиланди.

Шунингдек, институт геологик тадқиқотлар олиб бориш дастурларининг назарий ва методологик асосларини ишлаб чиқиш, ҳудудларнинг ресурс салоҳиятини баҳолаш ҳамда геокимёвий, геофизик ва минерологик тадқиқотларнинг замонавий технологияларини жорий этиш, геологик жараёнларни компьютерда моделлаштириш, шунингдек, фойдали қазилмаларни қайта ишлашда илғор технологияларни татбиқ қилиш бўйича иш олиб боради.

Институт вазифалари қаторидан фойдали қазилма конларини геологик таҳлил этиш, прогноз қилиш ва излаш усулларини такомиллаштиришга, геологик ва геофизик тадқиқотлар соҳасида илғор хорижий технологияларни апробация қилиш ва амалиётда жорий этишга қаратилган амалий тадқиқотлар, ишланмалар ва экспериментларни тизимли равишда амалга ошириш ҳам жой олган.

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига икки ой муддатда 2017−2019 йилларга мўлжалланган истиқболли тадқиқотлар дастурини тасдиқлаш ва бунда Ер тўғрисидаги жаҳон илм-фанининг ҳозирги замон даражасига эришишга алоҳида эътибор қаратиш вазифаси топширилди.

Геология ва геофизика институти сайти маълумотларига кўра, муассаса мамлакатдаги кекса илмий муассасалардан бири ҳисобланади. Унга 1937 йилда асос солинган. Кейинчалик унинг бўлимлари базасида 1959 йилда Нефть ва газ конлари геологияси ва разведкаси институти, 1960 йилда Гидрогеология ва муҳандислик геологияси институти, 1966 йилда Сейсмология институти ташкил этилди.