10 сентябрь куни тахминан туш вақтида Самарқанднинг «Ўрикзор» маҳалласида 131-кўп қаватли турар жой биносининг бетондан тайёрланган олд қисми қулаб тушди. Ҳодиса тўғрисидаги видеолавҳа Самарқанднинг STV телеканали орқали намойиш этилди.

Буюк ипак йўли кўчасида жойлашган уй капитал таъмирга мухтож бўлиб, унда 70 оила истиқомат қилади. Истиқомат қилувчиларнинг фикрича, уй ертўлада мунтазам равишда сув йиғилиши оқибатида авария ҳолатига келиб қолган.

Бир неча тонналик бетон қулаб тушган йўлак — болаларнинг ўйин ўйнайдиган севимли жойи бўлган. Бахтли тасодиф туфайлигина ҳодиса рўй берган вақтда ягона кириш қисми ва балконларда ҳеч ким бўлмаган.

Уй биноси ва бир қанча хонадонларда ҳам ёриқларни учратиш мумкин, деди истиқомат қилувчилардан бири. Унинг сўзларига кўра, ҳодиса рўй беришидан бир кун муқаддам бу ерда яшовчилар бир неча маротаба қаттиқ шовқин эшитган ва бир неча маротаба ташқарига югуриб чиққан.

«Фуқаролар турли мутасадди идораларга мурожаат қилган, орадан бир неча ой ўтди, аммо муаммо ҳал бўлгани йўқ, — деди телеканалга интервью берган маҳалла вакили Эркин Каримов. — Биз бир неча жойга мурожаат қилдик, барча мактублар нусхаси бор.Жавобларда бошқа ташкилотларга мурожаат этишимиз ёзилган… бу ерда яшаб бўлмай қолди, деворларда, кириш қисмларида ҳам ёриқлар бор».

STV хабарига кўра, ширкат балконларни таъмирлашни бошлаган, аммо бинонинг капитал таъмир қилиниши кутилаётгани йўқ.

Видео