Ўзбекистон Президенти в. б. Шавкат Мирзиёев 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 12 августдан қабул қилиниб, Сенат томонидан 24 августда тасдиқланган «Ёшларга оид давлат сиёсати» тўғрисидаги Қонунни имзолади. Ҳужжат 15 сентябрь куни «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари чоп этилиб, шу кундан кучга кирди.

Қонунда келтирилишича, ёшларга оид сиёсат Ўзбекистон Республикаси давлат фаолиятининг устувор йўналиши бўлиб, унинг мақсади ёшларнинг ижтимоий шаклланиши ва камол топиши, ижодий иқтидори жамият манфаатлари йўлида имкони борича тўла-тўкис рўёбга чиқиши учун ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан шарт-шароит яратиш ҳамда уларни кафолатлашдан иборатдир.

Қонунга биноан, ёшларга оид давлат сиёсати деганда давлат томонидан амалга ошириладиган ва ёшларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа салоҳиятларини ривожланиши учун шароитлар яратилиши кўзда тутадиган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ҳамда ҳуқуқий чоралар тушунилади.

Ҳужжатда ёш фуқаролар (14 -30 ёшгача бўлган шахслар), ёш оила, ёш мутахассис, ёшлар тадбиркорлиги каби тушунчалардан фойдаланилган.

Ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий тамойиллари тариқасида очиқлик ва шаффофлик, ёшларнинг мазкур сиёсатни амалга оширишдаги иштироки, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, маънавий-маърифий ва маданий қадриятлар устуворлиги, шунингдек, ёшларнинг камситилишига йўл қўйилмаслиги ҳам қонунда белгилаб берилган.

Ҳужжатда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда ижтимоий ҳимояси кафолатлари, қобилиятли ва истеъдодли ёшлар, ёшлар тадбиркорлигининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши санаб ўтилган.

Ўзбекистонда ёшлар ва ёш оилаларни ижтимоий муҳофаза этиш мақсадида ёшлар ижтимоий хизмати тузилиши кўзда тутилган.