РИА Новости, Екатерина Плясункова — КХДР марказий телевидениеси ядро синови муваффақиятли якунланганини маълум қилди, дея хабар бермоқда Рёнҳап агентлиги. Махсус дастурда мамлакат ядро дастурининг келгусидаги ривожи йўналишлари ҳам тасдиқланган.

КХДРда маҳаллий вақт билан 9:30 да магнитудаси 5 балга тенг зилзила қайд этилди. Жанубий Корея Президенти Пак Кин Хе ҳамда Япония ҳукумати бош котиби Ёсихидо Суга тез орада Шимолий Кореяда содир бўлган сейсмик ҳодиса КХДР томонидан амалга оширилган ядро синови ҳосиласи экани тўғрисидаги баёнот билан чиқди.

Жанубий Корея ҳарбийлари маълумотига кўра, портловчи қурилма қуввати 10 килотоннага етиб, январдаги 6 килотонналик портлаш қувватидан қарийб икки баробар кўпроқни ташкил этди. Жанубий кореялик мутахассислар ядро синови ҳақиқатдан ҳам ўтказилгани тасдиқланса, бу КХДР тарихидаги энг кучлиси бўлишини ҳам таъкидлаб ўтган.

Жума куни Жанубий Корея, Япония ва АҚШ БМТга мурожаат қилиб, КХДР томонидан навбатдаги ядро синови ўтказилганидан сўнг Хавфсизлик Кенгаши мажлисини ташкил этиш таклифи билан чиқди. Хавфсизлик Кенгашининг КХДР юзасидан мажлиси 9 сентябрнинг ўзида бўлиши лозим.