Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 17 август куни Оқсаройда Корея Республикаси давлат бошқаруви ва ички ишлар вазири Хон Юн Сукни қабул қилди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Ислом Каримов ушбу ташриф ўзаро манфаатли ҳамкорликни, айниқса, давлат бошқарувини янада такомиллаштириш ва «Электрон ҳукумат"ни жорий этиш соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этишига ишонч билдирди.

Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Жанубий Кореянинг техник кўмагида Ўзбекистон Республикасида «Электрон ҳукумат» тизимини жорий этиш, ушбу соҳа мутахассисларини ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. «Электрон ҳукумат» тизими ҳамда мамлакатимиз иқтисодиётининг реал сектори учун ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш борасида «LG CNS Ўзбекистон» қўшма корхонаси фаолият юритмоқда.

Хон Юн Сук Корея Республикаси Ўзбекистон билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.