Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги қошидаги «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» ДУК Россиянинг «МТС» ПОАдан UMS мобил операторининг устав капиталидаги 50,01% тенг улушини харид қилди.

Таъсисчилар таркибидаги ўзгаришлар UMS фаолиятига, унинг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясига ҳамда мижозларига таъсир қилмайди, дея маълум қилди компания.

«Компания одатий тартибда ишламоқда, барча хизмат ва сервисларни кўрсатмоқда, янги абонентларни уламоқда, мобил оператор мутахассислари янги маҳсулот ва тарифлар устида иш олиб боришмоқда», — қайд этилди мурожаатда.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабарида ҳам таъсисчилар таркибидаги ўзгаришлар UMS фаолиятига, унинг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясига ҳамда мижозларига таъсир қилмаслиги айтиб ўтилган.

«Universal Mobile Systems унга тақдим этилган лицензия асосида мобил алоқа бозорида мустақил оператор сифатида фаолиятини олиб боради ва абонентларга хизмат кўрсатишни давом эттиради», — таъкидланади хабарда.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, «МТС» ўз улушини ихтиёрий равишда сотиш масаласида мурожаат қилган ҳамда Ўзбекистон томонига нисбатан бирор эътирози мавжуд эмаслигини таъкидлаган.

Музокаралар натижаси ва имзоланган икки томонлама шартномадан сўнг «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» UMS мобил алоқа операторининг ягона таъсисчисига айланди.