29 июль куни анъанавий июль «юлдузлар ёмғири» — Жанубий Дельта-Акваридлар метеорлар оқими ўзининг энг юқори чўққисига чиқади.

Ҳар йиллик метеорлар оқимини бу йили 12 июлдан 23 августгача кузатиш мумкин бўлиб, энг юқори чўққиси (яхши кўринадиган даври) жорий пайшанба ва жума тунига тўғри келади.

«Мазкур ҳодисани Ўзбекистон ҳудудида ҳам булутсиз об-ҳаво шароитида кузатиш мумкин», — дея маълум қилди Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти катта илмий ходими Чори Шердонов «Газета.uz"га. Метеорлар оқимини кўриш учун шаҳар чироқларидан узоқроқ жойни танлаш лозим. Бунинг учун энг яхши вақт — ярим тундан кейинги биринчи икки соат.

«Наука и жизнь» нашрининг ёзишича, Жанубий Дельта-Акваридлар метеорлар оқимининг келиб чиқиш манбаси қисқа муддатли 96/P Machholz кометаси бўлиб, Қуёш атрофини ҳар беш йилда бир марта тўлиқ айланиб чиқади. У Дональд Макхольц томонидан 1986 йилда очилган. Макхольц кометалари диаметри 6,5 кмга яқинроқни ташкил этади.

Метеорлар оқимини Slooth сайти орқали онлайн томоша қилиш мумкин.