РИА Новости — Қуёш батареяли Solar Impulse 2 самолёти сешанба куни 40 минг километр масофани босиб ўтганидан сўнг Абу-Дабида (БАА) дунё бўйлаб саёҳатига якун ясади.

Режалаштирилган жадвалга кўра, Solar Impulse 2 ўз парвозини ўтган ҳафта тугатиши керак эди. Бироқ учувчи Бертран Пикарнинг касалланиб қолиши туфайли парвоз кечроқ бошланди.

Solar Impulse 2 дунё бўйлаб саёҳатини 2015 йилнинг 9 мартида Абу-Дабида бошлаган эди. Парвозлар мобайнида у Уммон (Маскат), Ҳиндистон (Варанаси), Мяньма (Мандалай), Хитой (Чунчин ва Нанкин), Япония (Нагоя) ва АҚШнинг бир қатор шаҳарларида бўлди.

Батареяларни алмаштириш зарурати туғилгани сабабли парвозлар тўққиз ойга тўхтатилди. Улар Тинч океани устидаги беш кунлик парвоздан кейин шикастланган эди.