Сешанба куни 8:45 атрофида Тошкентда Grand Mir меҳмонхонаси қаршисидаги ҳалқа йўлида маршрут таксиси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди.

Метронинг «Ойбек» бекати томондан келаётган «Газель» микроавтобуси айлана ҳаракатни амалга ошираётган Spark автомобилига келиб урилган. Енгил автомобиль ҳайдовчиси, тахминларга кўра, йўлни бўш деб ўйлаб, тезда ўтиб кетишни мўлжаллаган.

Гувоҳларнинг «Газета.uz»га хабар қилишича, «Газель» ҳайдовчиси аварияни содир этмасликка ҳаракат қилиб, машинани ўнг томонга олиб қочган, аммо ҳодиса барибир содир бўлган ва микроавтобус «Спарк»ка ён томондан урилганидан сўнг ағдарилган.

«Кўплаб ҳайдовчилар тўхтаб, „Газель“ни ўнглашга ҳаракат қилиб кўрди, лекин уддасидан чиқа олмади. Шундан кейин йўловчиларни чиқариб олиш учун ойнани синдиришди», — деди гувоҳлардан бири.

Барча йўловчилар ойда орқали чиқиб олди, бироқ бир эркак тез тиббий ёрдам машинаси келгунича машина ичида қолишга қарор қилди, — дея қайд этди гувоҳ.

Таъкидлаш жоизки, ҳодиса содир бўлган автомобиль ҳалқа йўли ҳар томондан светофорлар билан таъминланган бўлишига қарамасдан, бу ерда йўл-транспорт ҳодисалалари тез-тез содир бўлиб туради. Ҳайдовчилар фикрича, йўл нотўғри лойиҳалаштирилган, шу боис ушбу жой ҳам ҳайдовчилар, ҳам пиёдалар учун хавфли бўлиб қолмоқда.