Ягона умумреспублика процессинг маркази (ЯУПМ) UnionPay International билан ҳамкорликда Ўзбекистонда UnionPay халқаро карталари эквайринги (тўлов учун қабул қилиниши) бўйича лойиҳани ишга туширди.

Душанба куни Банклар ассоциациясида лойиҳани ишга туширишга бағишлаб ўтказилган маросимда China UnionPay президенти Ши Вэнчао бошчилигидаги UnionPay International делегацияси аъзолари, Марказий банк, Банклар ассоциацияси, ЯУПМ, тижорий банклар ҳамда сайёҳлик компаниялари вакиллари иштирок этди.

ЯУПМ матбуот хизмати маълумотларига кўра, лойиҳа 190 мингдан зиёд савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарини бирлаштирган Uzсard тизимида UnionPay карталаридан фойдаланиш имкониятини тақдим этади.

Айни пайтда Ўзбекистон тижорат банклари 17 миллиондан ортиқ пластик карталарни амалга киритган бўлиб, уларнинг 9,5 миллионтаси онлайн режимида ишлайди.

UnionPay International — Хитой тўлов тизими бўлиб, 2002 йилда ХХР Марказий банки кўмагида ишга туширилган. Бугунги кунда бутун дунё бўйича 3,5 миллиард UnionPay карталари чиқарилган бўлиб, улар 143 мамлакатда қабул қилинади. Ўзбекистоннинг бир қатор банклари UnionPay International иштирокчиси ҳисобланади.

Келгусида Uzсard миллий тўлов тизимини бошқа халқаро тўлов тизимлари билан интеграция қилиш режалаштирилмоқда, дейилади ЯУПМ хабарида.