Жорий йилнинг 12-13 октябрь кунлари Тошкентда XII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркаси бўлиб ўтади. «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси матбуот хизматининг хабар қилишича, бу 8 июнь куни Ўзбекистон Президентининг «XII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорида кўзда тутилган.

Ушбу ярмаркани ташкил қилишда Халқаро пахта ассоциацияси, Пахта бўйича халқаро консультатив қўмитаси, «Cotton Outlook» халқаро агентлиги ва Халқаро тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар федерацияси сингари нуфузли ҳалқаро ташкилотлар доимий ҳамкорлик қилиб келади.

Жорий йилги ярмарка «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси, «Ўзбекенгилсаноат» давлат акциядорлик компанияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон товар-хомашё биржаси, Ўзбекистон «Сифат» маркази ва бошқа тегишли тузилмалар кўмагида ташкил этилади.

Асосий тадбирлар «Ўзэкспомарказ» компаниясининг кўргазмалар залида ўтказилади. Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасидаги конференциялар ҳамда мулоқотларда жаҳон пахта ва тўқимачилик бозорининг етакчи вакиллари томонидан Ўзбекистон ва дунёда пахта толаси ишлаб чиқариш, савдо ва инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш каби кўплаб масалалар муҳокама қилиниши ва ўзаро манфаатли олди-сотди шартномалари имзоланиши кутилмоқда.

Ярмарка ҳақидаги маълумотлар www.cottonfair.uz сайти орқали ёритиб борилади.