Пенчак силат бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 3-6 июнь кунлари Сингапурда ўтказилган жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этиб, юртимизга қайтиб келди. Ўзбекистон Пенчак силат федерациясининг «Газета.уз»га хабар қилишича, йигирмадан зиёд мамлакат спортчилари иштирок этган нуфузли мусобақада Азиз Жўрабоев бошчилигидаги ёшлар якунда битта олтин, битта кумуш ҳамда иккита бронза медалини қўлга киритди.

Куни кеча Пенчак силат федерациясида ўтказилган тақдирлаш маросимида ғолиб спортчиларга сертификатлар топширилди.

Жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этишига қарамай, қизлар ўртасида Дилноза Файзуллаева барча рақибаларини мағлуб этиб, олтин медал билан тақдирланди. Шунингдек, Азиз Файзуллаев кумуш, Ибодулла Матлабов, Диёрбек Ғойипов бронза медалига сазовор бўлди.

Энди ёшлар терма жамоамиз аьзолари 22-24 июнь кунлари Озарбайжонда ўтказиладиган жаҳон Кубоги баҳсларида иштирок этишга тайёргарлик кўрмоқда. Катталар терма жамоаси спортчилари эса сентябрда Вьетнамда бўлиб ўтадиган соҳил спорт турлари бўйича Осиё ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.