Ўзбекистонда хавфли гидрометеорологик ва геологик ҳодисалар билан билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан огоҳлантириш бўйича профилактик ишлар амалга оширилмоқда, дея хабар қилди «Туркистон-пресс» НАА ФВВга асосланган ҳолда.

ФВВнинг ҳудудий бўлинмалари, Ўзгидромет ва Давлат Геология қўмитаси вилоятлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда сел, тошқин ва кўчки ҳодисаларининг вужудга келиш эҳтимоли бўлган участкалар ўрганилди.

Сув омборлари ва бошқа гидротехник иншоотлар ҳолати уларнинг баҳор-ёзги сув тошқинларини авариясиз қабул қилиш ва ўтказиши нуқтаи назаридан текширилди.

Олиб борилган ишлар натижалари бўйича дарё ўзанларини тозалаш, қирғоқларни мустаҳкамлаш ва бошқа муҳандислик-техник ҳамда ҳимоялаш ишлари бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Баланд тоғ кўллари, қор захиралари ҳолати, шунингдек, сел ва қор кўчкилари юзага келиш эҳтимоли баланд бўлган хавфли участкалар мониторингини ўрганиш мақсадида олтита аэровизуал кузатув ўтказилди.

Гидрометеорологик ва геологик ҳодисалар рўй бериши мумкин бўлган эҳтимолий хавфли ҳудудларда яшовчи аҳоли билан хавф туғилган тақдирда тўғри ҳаракатланиш қоидалари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.

Хавфли участкаларда назорат-кузатув постлари ўрнатилиб, алоқа воситалари билан жиҳозланди. Уларга хавфли ҳудудларга кираётган одамларни огоҳлантириш ва тегишли хизматларга тезкор маълумотларни тақдим этиш вазифаси юклатилди.

Аҳолини об-ҳавонинг кескин ўзгаришидан хабардор қилиш учун уяли алоқа операторларига 70 дан зиёд SMS-хабарлар тақдим этилди.