Жаҳон Банкининг Ижрочи директорлар кенгаши 24 май куни Халқаро тараққиёт ассоциациясининг Ўзбекистонда Мол-мулкни рўйхатдан ўтказиш ва кадастр тизимини модернизация қилиш лойиҳасини амалга ошириш учун 20 млн АҚШ долларлик кредитини ажратиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади, дея хабар қилди ЖБ матбуот хизмати.

Лойиҳадан кўзланган мақсад — мамлакат электрон ҳукумат тузилмаси ва хизматлари таркибига кирувчи кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш ва кадастр тизимини яхшилаш ҳамда ундан фойдаланиш самарадорлигини оширишдан иборатдир.

Умумреспублика миқёсида амалга ошириладиган лойиҳа Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси таркибида ягона кўчмас мулк электрон реестри ва кадастрни яратишга йўналтирилган.

Кўчмас мулк реестри ва кадастр маълумотларидан эркин фойдаланишни таъминлашга эришиш орқали тадбиркорлик муҳитида шаффофликни мустаҳкамлаш ва ошириш пировард натижада Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши, иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва уй хўжаликлари фаровонлигини ошириш учун қулай шароитларни яратишни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Жаҳон банкига 1992 йилда аъзо бўлган. Жаҳон банкининг республикадаги жорий мажбуриятларининг умумий миқдори 2 млрд доллар атрофидани ташкил этади.