Париждан Қоҳирага MS804 рейсини амалга ошираётган EgyptAir йўловчи самолёти пайшанба куни тонгда Ўрта Ер денгизи устида Миср қирғоқларидан 280 км масофада радарлар экранидан йўқолди. Бу ҳақда EgyptAir ўзининг Твиттер-аккаунтида маълум қилди.

A320 лайнери бортида 56 нафар йўловчи ва 10 экипаж аъзоси бўлган. Йўловчилар орасида 30 нафари Миср фуқароси, шунингдек, 15 — Франция, 2 — Ироқ, 1 нафардан — Буюк Британия, Бельгия, Қувайт, Саудия Арабистони, Судан, Чад, Португалия, Жазоир ва Канада фуқаролари бўлган.

Франс Пресс агентлигининг Греция Фуқаролик авиацияси маълумотига асосланиб хабар қилишича, самолёт Грециянинг Карпатос оролларидан унча узоқ бўлмаган ҳудудда қулаб тушган.