Huawei компанияси Тошкент ахборот технологиялари университети билан биргаликда 17 май куни HAINA (Huawei Authorized Information and Network Academy — Huawei Ахборот ва тармоқ технологиялари академияси) илмий-таълимий лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги меморандумни имзолади.

HAINA лойиҳаси АКТ саноати ва ёш иқтидор эгалари ўртасида кўприк вазифасини бажаради, дея маълум қилинди Huawei`нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабарида. Сентябрь ойида ишга туширилиши режалаштирилган лойиҳа доирасида ТАТУ қошида АКТ соҳасида кадрларни сертификатлаш ихтисослашган марказ ташкил этилади. Бундан ташқари, илғор АКТ-лаборатория ҳам очилади.

«Huawei Ахборот ва тармоқ технологиялари академияси базасидаги сертификатлаш тренинг-маркази АКТ ва тармоқ хавфсизлиги соҳасидаги иқтидорларни ривожлантириш билан шуғулланади, — қайд этди Huawei`нинг Ўзбекистондаги бош директори Ван Пэн. — Ушбу мутахассислар АКТ саноати ва мамлакат келажагига улкан ҳиссасини қўшади».