Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкида жаҳон бозорлари, инвестициялар ва технологияларни таҳлил қилиш маркази ташкил этилади. Бу ҳақдаги қарор мамлакат Вазирлар Маҳкамаси томонидан 5 май куни тасдиқланди.

Қарорда марказнинг «ривожланган мамлакатлардаги технологик, энг илғор йўналишларни чуқур таҳлил қилиш ва шу асосда маҳаллий иқтисодиётнинг аниқ тармоқларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун муфассал тавсиялар ишлаб чиқиш» ҳамда илғор компаниялар, тармоқлар ва бозорларни, шунингдек уларнинг ривожланиш йўналишларини ва инвестиция стратегиясини ўрганиш ва таҳлил қилиши белгилаб қўйилган.

Марказ вазифаларидан хорижий банклар билан шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун кредитлар ва қарзларни жалб этиш юзасидан ҳамкорликни фаоллаштириш, илғор технологиялар, шунингдек юқори технологияли инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш бўйича ахборотларни ўрганиш ва айирбошлаш соҳасида маҳаллий ҳамда хорижий тадқиқот, таҳлил марказлари билан ҳамкорлик қилиш ҳам ўрин олган.

Бундан ташқари, марказ янги технологиялар соҳасида ҳисоботлар ва шарҳларни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти тармоқлари томонидан кўриб чиқиш учун таклифлар тайёрлаш ҳамда ҳар ҳафталик жаҳон ва маҳаллий молия индексларини ҳамда тармоқлар ва корхоналар бўйича бошқа иқтисодий кўрсаткичларни шарҳлаш билан ҳам шуғулланади.

Марказ директори Мувофиқлаштириш гуруҳи билан келишган ҳолда Ўзмиллийбанк Бошқаруви раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

«Ишонч телефони»га мурожаат қилинг

Бугунги кунда давлат солиқ хизмати органларида фаолият юритаётган «Ишонч телефони» https://soliq.uz/uz/contacts/ishonch_telefonlari/ солиқ тўловчилар ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутмоқда. 

Жумладан, жорий йил 1 май ҳолатига давлат солиқ хизмати органларининг «Ишонч телефони»га қилинган фуқароларнинг мурожаатлари асосида ўтказилган назорат тадбирлари натижасида 928 та ҳолатда жами 194135,4 минг сўм миқдорида назорат — касса машинасига кирим қилмаслик, 559 та ҳолатда тегишли ҳужжатларсиз маҳсулотлар сотиш ва хизматлар кўрсатиш ҳамда 15 та бошқа солиқ қонунларини бузиш ҳолатлари аниқланиб, айбдорларга нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминланди.

Эслатиб ўтамиз, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларингиз бузилса, Давлат солиқ қўмитасининг 244-98-98 рақамли ҳамда ҳудудий давлат солиқ хизмати органларида ўрнатилган «Ишонч телефони»га мурожаат қилинг.

Давлат солиқ қўмитаси Ахборот хизмати