Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Корея Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси билан молиявий ҳамкорликда «Кўп профилли болалар тиббиёт марказини ташкил этиш» лойиҳасининг техник-иқтисодий ҳисобини тасдиқлади. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори (27 апрелда қабул қилинган) Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтида эълон қилинди.

Ўзбекистон ҳукумати ва Корея Экспорт-импорт банки 2013 йил 18 декабрда 102,846 млн АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳани амалга ошириш учун EDCF жамғармасига имтиёзли қарзни тақдим этиш тўғрисидаги қарз шартномасини имзолаган эди. Қарз 0,1 фоизлик устама бўйича 10 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган 40 йил муддатга тақдим этилади. Лойиҳада Ўзбекистон улуши 27,73 млн АҚШ доллари эквивалентига тенг бўлиб, унинг 20,78 млн доллари — солиқ ва божхона имтиёзларини тақдим этиш кўринишида.

280 ўринга эга кўп профилли болалар тиббиёт маркази кунлик 250 ташриф ва йилига 1500 жарроҳлик амалиётини ўтказишга мўлжалланган. Марказ қурилиши 2017 йилда амалга оширилиши режалаштирилган.