Европа Иттифоқи делегацияси Тошкентда май ойида бўлиб ўтадиган «Ўзбекистон нефт ва гази — OGU-2016» халқаро конференциясида олий даражада иштирок этади, дея гувоҳлик бермоқда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабари.

ЕИ вакилларининг бўлиб ўтажак форумда иштироки масалалари 29 апрель куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Буриан учрашувида муҳокама қилинди.

Суҳбат давомида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари ҳамда халқаро ва минтақага оид мавзулар муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида икки томонлама шаклдаги ва Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги ҳамкорлик Стратегияси доирасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш жараёни юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда бўлажак қўшма тадбирлар, жумладан Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Ўзбекистон нефт ва гази — OGU-2016» халқаро конференциясида Европа Иттифоқининг юқори даражадаги делегацияси иштирокининг амалий жиҳатлари ҳамда парламентлараро ва бошқа учрашувлар, Ўзбекистон ва ЕИ томонидан ташкил этилган ҳамкорлик институтлари мажлислари жадвали ҳам кўриб чиқилди.

Музокараларда ЕИнинг Ўзбекистондаги Делегацияси раҳбари, элчи Юрий Штерк иштирок этди.