Таниқли сценарийчи ва режиссёр Хилол Насимов «Ўзбекфильм» киностудияси директори этиб тайинланди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги сайтидаги маълумотлар гувоҳлик бермоқда. 

Хилол Насимов (1963 йилда туғилган) бунга қадар «Ўзбекфильм»да постановкачи режиссёр лавозимида фаолият юритар эди. Тошкент театр ва санъат институти битирувчиси (1985 йил). Киностудиядаги фаолиятини 1987 йилда режиссёр ёрдамчилигидан бошлаган.

Кўплаб фильмларнинг сценарий муаллифи, ҳаммуаллифи ва режиссёри ҳисобланади. Насимов томонидан сўнгги йилларда суратга олинган фильмлар орасида «Гумроҳлар» (2014 йил), «Одноклассники.ру» (2013), «Тубанлик» (2012), «Мукаддас бурч» (2011), «Алданган аёл» (2010) ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. Шунингдек, у кўплаб фильмларда рол ижро этган.

Ўтган йилнинг 15 октябридан Комилжон Шамсиддинов «Ўзбекфильм» директори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган эди.