Самарқандда пайшанба куни «Илм-фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари — Central Asia 2016» Х халқаро конференция ўз ишини бошлади. Уч кунлик форум Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллион кутубхонаси томонидан ташкиллаштирилди.

Конференция ишида АҚШ, Буюк Британия, Корея Республикаси, Чехия, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Латвия ва Россиядан мутахассислар иштирок этмоқда. Ўзбекистондан ахборот-кутубхона муассасалари ва архивлар ходимлари қатнашмоқда.

Конференциядан кўзланган мақсад илм-фан, таълим, маданият ва тадбиркорликда электрон информацион ресурсларни қўллашда амалий ҳамда натижавий ҳамкорликда ахборот-кутубхона муассасалари, архивлар, музейлар ва бошқа ташкилотлар фаолиятини жадаллаштиришдан иборат.

«Илк бор шу каби конференция Самарқандда 1999 йилда бўлиб ўтган эди, — деди Миллий кутубхона мутахассиси Абадбой Қиличбоев. — Шу боис жорий юбилей конференцияни ҳам ушбу қадимий ва ажойиб шаҳарда ўтказишга қарор қилинди».

2012 йилга қадар конференция икки йилда бир маротаба ташкил этилар эди, ҳозирда эса ҳар йили ўтказилади. Миллий кутубхона директори Умид Тешабоевнинг таъкидлашича, конференциянинг пойтахт ва вилоятларда навбатма-навбат ўтказилиши мамлакатнинг барча минтақаларидаги ахборот-кутубхона муассасаларининг ривожланишига замин яратади. Ўтган йили маҳаллий давлат университетининг ахборот-ресурс марказига 200 млн сўм ажратилган эди. жорий йилда эса вилоят ахборот-кутубхона маркази 400 млн сўмни қабул қилиб олди. Мазкур маблағлар мебель, жиҳозлар, ускуналар, замонавий рақамли техникалар, проектор ва кондиционерлар харид қилишга сарфланди.