Жониворлар ҳимояси билан шуғулланувчи «Mehr va oqibat» жамияти МДҲнинг 10 мамлакатида бўлиб ўтган Халқаро цирк кунига бағишлаб ташкил этилган «Биз — инсонпарвар цирк учун» халқаро акциясида илк бор иштирок этди.

Душанба куни Ўзбекистон миллий кутубхонасида «Цирк — муҳаббат рўёси» қисқа метражли фильмини намойиши бўлиб ўтди. Сўнгра жамият вакиллари ва таклиф этилган меҳмонлар иштирокида муҳокамалар ташкиллаштирилди.

«Цирк ҳайвонларсиз ҳам санъат сифатида муваффақиятли фаолият кўрсатиши мумкинлигини жамоатчилик онгига сингдиришга эришиш мақсадида турли мамлакатлардаги жониворлар ҳимоячилари билан бирлашиш биз учун жуда муҳим, — дея таъкидлади жониворларни ҳимоя қилиш жамияти ижро қўмитаси раиси Тимур Арипов. — Бугунги кунда амалий жиҳатдан жониворлардан фойдаланмай келаётган кўплаб цирклар фаолият кўрсатмоқда. Уларда акробатлар, жонглёрлар, полвонлар, дорбозлар, кўзбойлоғичлар, эквилибрист (дор, шар ва шу кабиларда ўйин кўрсатадиган цирк артисти. — Газета.uz), ҳаво гимнастлари, иллюзиячилар, курашчилар ва раққослар чиқиш қилади».

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, хонанда Лайло Ғаниева одамларни яхшиликка ва раҳм-шавқатга чақирди. «Фақатгина одамлар иштирокидаги цирк, бу — куч-қудрат, жасурлик ва маҳорат намойишидир», — таъкидлади у.

Учрашув қатнашчилари жониворларни шавқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш ҳақидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва уй ҳайвонлари эгаларининг жавобгарлигини ошириш зарурияти тўғрисида сўзлашди.

«Mehr va oqibat» ННТ 2011 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Унинг асосий вазифалари уй ва уйсиз ҳайвонларнинг саломатлиги ҳақида қайғуриш, кишилик жамиятида жониворлар билан хушмуомала муносабат тамойилларини шакллантириш, жониворларни стерилизациялаш дастурини амалга ошириш ва бошқалардан иборат.