Сешанба куни Бухоро вилоятида Қандим ГҚИМга тамал тошини қўйишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Маросимда Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев, Россиянинг ЛУКОЙЛ компанияси президенти Вагит Алекперов ҳамда Бухоро вилоят ҳокими Муҳиддин Эсанов иштирок этди.

Қандим ГҚИМ — ЛУКОЙЛ газ қазиб олиш бўйича «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компанияси билан ҳамкорликда амалга ошираётган кенг кўламли «Қандим-Хаузак-Шоди-Қўнғирот» лойиҳасининг асосий қисмларидан бири ҳисобланади. Лойиҳа бўйича маҳсулотлар тақсимоти тўғрисидаги келишув 2004 йилда имзоланган эди. Хаузак-Шоди участкасида газ қазиб олиш ишлари 2007 йилда бошланган бўлса, Ғарбий Шоди участкасида — 2011 йилдан йўлга қўйилди. Келишувни амалга оширишнинг навбатдаги босқичи — Қандим конлар гуруҳини ўзлаштиришдан иборат. Ускуналарни етказиш, Қандим ГҚИМ қурилиши ва конни жиҳозлаш бўйича шартнома 2015 йил февралида имзоланди.

Қандим конлари гуруҳи 6 та газ конденсати конларидан иборат, яъни булар — Қандим, Қувачи-Олот, Оққум, Парсанкўл, Хожи ва Ғарбий Хожи конларидир. Бу ерда газни қазиб олиш, уни келгусида ГҚИМда қайта ишлаш ва товар маҳсулотни ташиш, жумладан, магистраль газ қувури орқали экспортга жўнатиш тизимини барпо этиш режалаштирилган.

Ушбу газни йиғиш тизими тўлиқ қувватда ишлашни бошлаганда ўз ичига 114 та газни қазиб олиш қудуғи, 11 та куст майдончаси ва 4 та йиғиш пунктини олади. 370 км узунликдаги газ қувури ва 160 км узунликдаги автомобил йўллари ётқизилади. Мажмуа ва инфратузилма объектлари қурилишининг авж палласида тахминан 7 000 нафар одамни иш билан таъминлаш режалаштирилмоқда.

Қандим ГҚИМ қурилиши доирасида йиллик қуввати 8,1 млрд. кубометр газга тенг бўлган газни қайта ишлаш заводи ҳамда табиий газни йиғиш тизими барпо этилади. У нафақат табиий газ ва барқарор газ конденсати олиш учун таркибида водород сульфид бўлган газни қайта ишлайди, балки кесаксимон ва грануланган олтингугурт олишга ҳам имкон беради. Комплекснинг 2018 йилда қуриб битказилиши кутилмоқда.

Ускуналар етказиб бериш, ГҚИМ қурилиши ва Қандим гуруҳидаги конларни жиҳозлаш бўйича шартноманинг қиймати 2,7 млрд долларни ташкил этади. Лойиҳага жалб этилган инвестициянинг умумий қиймати биринчи фазада 3,3 млрд долларга баҳоланмоқда. ЛУКОЙЛнинг Ўзбекистондаги йирик инвестицион лойиҳаси ҳисобланган ГҚИМ қурилиши билан нафақат Бухоронинг чўл ҳудудида янги инфратузилмалар вужудга келади, балки 2000 дан зиёд янги иш ўринлари ҳам очилади.

Вагит Алекперов .

ЛУКОЙЛ президенти Вагит Алекперовнинг таъкидлашича, Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси ўзида энг тажрибалиходимларниҳамда энг замонавий технологик ечимларни жамлаш билан бирга, унда ишлаб чиқариш хавфсизлиги, меҳнат ва атроф-муҳит муҳофазасига оид энг юқори стандартларга риоя этилиши таъминланади.