28-31 март кунлари Қашқадарё вилоятида «Биз — буюк юрт фарзандларимиз» шиори остида анъанавий ёшлар фестивали бўлиб ўтмлқда. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маданият ва санъат арбоблари, эстрада хонандалари, опера ижрочилари, кино ва театр актёрлари, ёш олимлар, давлат мукофотлари соҳиблари, таниқли ёзувчи ва шоирлар ҳамда спортчилар иштирок этмоқда.

Фестиваль доирасида ҳар йили 10 дан ортиқ лойиҳа («Депутат ва ёшлар», «Президент асарлари билимдони», «Ҳоким ва ёшлар», «Сиз севган қаҳрамонлар», «Замонамиз қаҳрамонлари», «Одам савдоси — давр муаммоси», «Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!», «Биз терроризм ва диний экстремизмга қаршимиз!», «Виждонли сотувчи», «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!», «Интернет ва ёшлар», «Иқтидор эгаси — обод юрт эртаси», «Ёшлар ўртасида эрта никоҳ ва унинг олдини олиш», «Ватан тараққиётига менинг ҳиссам», «Камолот кутубхонаси» лойиҳалари, «Мустақиллик фарзандлари» шиори остида гала-концерт ва бошқалар) ўтказилиб, уларга миллионлаб ёшлар жалб этилади.

Бу йилги фестиваль ёшларнинг таклифлари асосида ишлаб чиқилган кўплаб янги лойиҳаларни қамраб олди. Жумладан, «Бу менинг Ватаним!» шиори остида Президент Ислом Каримовнинг «Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир» номли китобининг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган тақдимотлар, «Кичик фильмдан катта кинога» лойиҳаси (ёш ижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар намойиши), «Талабалар театр студиялари» лойиҳаси (олий таълим муассасаларидаги театр студиялари спектакллари намойиши), Ёшлар симфоник оркестри концерт дастурлари, таниқли спорт усталари иштирокидаги мастер-класслар, янги фильмлар премьералари ва виртуал акциялар, «Ватаним — менинг фахрим!» шиори остидаги ёш ижодкорларнинг мушоиралари, «Ёшлар жонли ижро тарафдори» лойиҳаси (тарихий обидалари, йирик савдо марказлари, истироҳат боғлари, аҳоли ва ёшлар гавжум масканларда таниқли санъаткорлар иштирокидаги флешмоблар), «Марра бизники!» шиори остидаги мустақиллик марафони ўтказилади, «Юртимни обод этаман» акцияси доирасида ҳар туман ва шаҳарда «Камолот» боғлари яратилади.

Фестиваль вилоятдаги барча туманларнинг ҳар бир таълим муассасаси, маҳаллий ҳокимликлар, ҳарбий қисмлар, маданият ва истироҳат боғлари, аҳоли дам олиш масканлари, жамоат жойлари, спорт майдонлари, маҳаллаларда ташкил этилади.