Россия Давлат думаси жума куни РФ ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги ўзаро молиявий талаблар ва мажбуриятлар тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни қабул қилди, дея хабар берди Давлат думаси сайти.

Битим 2014 йил 10 декабрда Тошкентда Россия Президенти Владимир Путиннинг ташрифи доирасида имзоланган эди. Ҳужжат собиқ СССР Олмос жамғармаси бўлими ва Ташқи иқтисодий банкига валюта маблағларини қайтариш, шунингдек, Ўзбекистонга 1992-1993 йилларда тақдим этилган кредитлар масалаларини ўз ичига олган собиқ СССС амалиётлари бўйича юзага келган барча даъволардан воз кечишни кўриб чиқади.

Қонун лойиҳасига киритилган тушунтириш хатида қайд этилишича, Россия 2014 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг 889,3 млн АҚШ доллари миқдоридаги (шу жумладан, 388,7 млн доллар фоизлар бўйича) муддати ўтган қарзидан воз кечади. Ўз навбатида, Ўзбекистон Россияга 25 млн доллар тўлайди.

Битим кучга кириши билан Россиянинг бюджет қонунчилигида белгилаб қўйилган Ўзбекистон билан кредит-молиявий ҳамкорликни юргизишга тақиқ бекор қилинади.

«Имзоланган битим Россия ва Ўзбекистоннинг ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий ҳамкорлигини кенгайтириш учун қўшимча имкониятларни яратади», — деде Россия молия вазири ўринбосари Сергей Сторчак.