Ўтган йил давомида Ўзбекистонда ярашув институтининг қўлланилиши натижасида 14459 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.

Бундан ташқари, етказилган 267 млрд сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган 4823 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

2015 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 260 мингдан ортиқ иш кўрилиб, уларнинг 87,7 фоизи бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилди. Мазкур қарорлар бўйича талабларининг 89,2 фоизи қаноатлантирилди.

«Жиноят ишлари бўйича судларнинг ўтган йилдаги фаолияти таҳлилига қараганда, шуни таъкидлаш мумкинки, айрим жиноят турлари, хусусан, пора олиш ёки бериш, номусга тегиш ва босқинчилик каби жиноятлари учун судланганлик кўрсаткичлари 2014 йилга нисбатан сезиларли даражада камайган», — деди Азиз Обидов.

Йил давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 406224 нафар шахсга нисбатан 323 мингдан ортиқ маъмурий иш кўриб чиқилди.