Қатарнинг Доҳа шаҳрида ўтказилаётган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати гуруҳ босқичидаги дастлабки ўйинда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Жанубий Кореяга мағлуб бўлди, хабар қилди Футбол федерацияси матбуот хизмати.

Учрашувни ўзбекистонликлар яхши бошлаганига қарамай, ўйиннинг 17-дақиқасида ҳакамлар Абдумавлон Абдужалилов қўриқлаган дарвоза томон пеналти белгилади ва унинг натижасида Мун Чанг Жин томонидан ҳисоб очилди. Ушбу вазиятда ўйинни бошқариб бораётган ҳакам Фаҳад ал-Мирдаси Отабек Шукуров томонидан ўз жарима майдонида тўп қўл билан ўйналди, деб ҳисоблади.

Биринчи бўлимнинг қолган қисмида Игорь Сергеев ва Жамшид Искандеровда ҳисобни тенглаштиришга имкон бўлганига қарамай, бу вазифа бажарилмади.

Иккинчи бўлим аввалида эса Жанубий Корея олимпия терма жамоаси аъзолари фаолроқ бошлашди. Улар уюштирган хавфли ҳужумлар самараси ўлароқ 48-дақиқада ҳисоб 2:0 кўринишини олди. Иккинчи голга ҳам Мун Чанг Жин муаллифлик қилди. Орадан кўп вақт ўтмай, 2015 йилда Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси деган эътирофга сазовор бўлган Достонбек Ҳамдамов ҳисобдаги фарқни қисқартирди.

Ўйиннинг 72-дақиқасида эса майдон марказидаги тўқнашувдан сўнг учрашув бош ҳаками Жамшид Болтабоевни майдондан четлатди. Таъкидлаш керакки, Болтабоев Ўзбекистоннинг Ироққа қарши ўйинини ҳам ўтказиб юборади.

Майдонда бир киши кам бўлиб қолган Самвел Бабаян шогирдлари гарчи анча ҳужумкор ўйин намойиш этган бўлсада, ўисобни тенгнлаштира олмади — 2:1.

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ўзининг навбатдаги учрашувини 16 январь куни Ироқ олимпия терма жамоасига қарши ўтказади.