Самарқанд аҳолиси ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумида марказлашган ҳолда иссиқ сув ва иссиқлик манбаи билан таъминлашда муаммолар юзага келаётгани сабабли кўп қаватли уйлар ҳамда таълим ва тиббиёт муассасаларида локал қозонхоналар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, деб хабар қилади ЎзА.

Жумладан, шаҳарнинг Сартепа масканидаги бир қатор хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари мазкур тизим асосида аҳолига иссиқлик манбаи етказиб бериш йўлга қўйилди.

«Ўтган йили „Қишлоқ қурилиш банк“нинг Самарқанд вилояти филиали ажратган кредит маблағи эвазига ширкатимиз хизмат кўрсатадиган 4 та тўққиз қаватли уйни иссиқлик манбаи билан таъминлаш имконини берадиган қозонхона келтириб ўрнатдик», — деди «Шоҳжаҳон Шермадад» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Шерзод Омонов. Унинг фикрича, ўтган мавсумда мазкур қозонхона орқали учта уйга иссиқлик манбаи етказиб берилди.

Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг билдиришича, мавсумга тайёргарлик юзасидан тасдиқланган манзилли дастур асосида шу пайтга қадар 300 га яқин кўп қаватли уйнинг томи мукаммал ва жорий таъмирланди.

Шаҳар ҳудудидаги мавзелар ва маҳаллаларнинг 62 мингм2 ҳажмдаги ички йўлларига асфальт ётқизилди. Шунингдек, кўп қаватли уй-жойлар атрофидаги 61,61 минг м2 ички йўл ва йўлакларга бетон қопламаси ётқизилди.

Аҳолининг табиий газ ва электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида қарийб 5 км.лик газ тармоғи, 80 км электр тармоғи таъмирланди.

27-, 81- ва 112-мактабгача таълим муассасаларининг томи таъмирланди. Вилоят қон қуйиш маркази, кўз касалликлари шифохонаси ва 1-шаҳар болалар шифохонасидаги таъмирлаш ишларининг сўнгги босқичи давом этмоқда.