1-6 ноябрь кунлари Vision Care Service (Жанубий Корея) халқаро ташкилоти шифокорлари делегацияси Ўзбекистонга сафар қилади. Сафар «Соғлом авлод учун» жамғармаси билан ҳамкорлик доирасида ташкил этилмоқда, деб хабар қилади «Туркистон-пресс» НАА.

Корейс шифокорлари Фарғона вилоят кўз касалликлари шифохонасида 800 дан ортиқ кишини тиббий кўрикдан ўтказади, шунингдек, 100 нафар беморнинг катарактасини олиб ташлаш ва кўз гавҳарини алмаштириш бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказади.

«Соғлом авлод учун» жамғармаси берган маълумотга кўра, бундан ташқари, ўзбек офтальмологлари учун маҳорат сабоқларини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Жанубий Корея офтальмологлари илгари ҳам Ўзбекистон шаҳарларида шунга ўхшаш гуманитар акциялар ўтказган эди.