Буюк Британиянинг маданий алоқалар соҳасидаги халқаро ташкилоти Британия Кенгаши октябрда Ўзбекистондаги фаолиятининг 20 йиллигини нишонламоқда.

«Биз ва республика раҳбарияти ҳамда барча санъаткорлар ҳамжамияти билан мулоқотдаги очиқлик ҳақиқий шериклик муносабатлари қарор топишига ёрдам бермоқда», — деди юбилейга бағишланган Тошкентдаги матбуот конференциясида Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги директори Марк Кросси.

Британия Кенгаши инглиз тилини ўқитиш тизимини ислоҳ қилиш, шунингдек, таълим ва маданият соҳасида турли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Олий ва махсус ўрта таълим вазирлиги (ОМЎТВ) ва Халқ таълими вазирлиги (ХТВ) билан ҳамкорлик қилмоқда.

Инглиз тилини ўқитиш соҳасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бошланғич, ўрта ва олий мактабларнинг тилшунос ўқитувчиларни тайёрлашни такомиллаштириш ва малакасини оширишдан иборат.

Ноябрь ойи бошида Тошкентда Британия Кенгаши ташкилотчилигида иккита муҳим маданий тадбир — «Глобус» Шекспир театрининг гастроли ва «Театр муаммолари» форуми бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистоннинг санъат намояндалари ва Буюк Британия мутахассислари иштирок этади.